Судда ишни кўрганлик учун ундириладиган давлат божлари миқдори камайтирилмоқда

Юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари маъмурий судларга ариза беришида давлат божи ставкаси 2 бараварга камайтирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Суд томонидан ишни кўрганлик учун ундириладиган давлат божлари миқдорларини камайтириш режалаштирилмоқда. Адлия вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Вазирлик матбуот котибининг маълум қилишича, бу мамлакатда аҳолига, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда, судларга мурожаат қилишда енгилликлар ҳамда қулайликлар яратиш борасидаги тизимли ислоҳотларнинг давомидир.
Қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар назарда тутилмоқда:
- биринчидан, суд иш юритишни тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатганда, тўланган давлат божининг 50 фоизи қайтарилиши белгиланмоқда. Олдин давлат божи қайтарилмас эди;
- иккинчидан, фуқаролик ишлари бўйича судга мулкий тусдаги даъво аризалар билан мурожаат қилинганда жисмоний шахслар даъво баҳосининг 1 фоизи, юридик шахслар 2 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши белгиланмоқда. Аввал жисмоний ва юридик шахслар бир хил миқдорда яъни, даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида давлат божи тўлар эди;
- учинчидан, иқтисодий судларда мулкий тусдаги даъво аризаларидан ундириладиган давлат божларининг табақалаштирилган миқдорлари белгиланмоқда. Бунда даъво баҳосининг 2 фоизидан 0,5 фоизигача табақалаштирилган миқдорлар белгиланмоқда. Олдин, даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилар эди;
- тўртинчидан, юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари маъмурий судларга ариза беришида давлат божи ставкаси 2 бараварга камайтирилмоқда;
- бешинчидан, мулкий тусдаги даъво аризалари суд томонидан кўриб чиқилганлиги учун ундириладиган давлат божларининг юқори миқдорининг чегараси белгиланмоқда. Аввал, ундириладиган давлат божларининг юқори чегараси белгиланмаган эди;
- олтинчидан, солиқ органлари қарори устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч йил ичида судга берилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Олдин солиқ органлари қарори устидан ариза (шикоят) уч ой ичида судга берилиши мумкин бўлган.
Ҳужжат 6 декабрга қадар муҳокамада бўлади.
Сенат “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни маъқуллади