ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, 31 октябрь куни Сочида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Россия, Озарбайжон ва Aрманистон раҳбарлари эришган келишувларни, шунингдек, жорий йил 31 октябрькуни Сочида эришилган уч давлатнинг олий даражадаги олдинги қўшма баёнотларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев Озарбайжон-Aрманистон чегарасида хавфсизликни таъминлаш бўйича уч томонлама форматдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
“Озарбайжон-Арманистон чегарасида хавфсизликни таъминлаш ва Жанубий Кавказда транспорт алоқаларини тиклаш бўйича уч томонлама форматдаги ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Aрманистон ва Озарбайжон чегарасида вақти-вақти билан отишмалар бўлиб туради. Охирги жиддий кескинлашув 13 сентябрга ўтар кечаси содир бўлди. Ереваннинг маълум қилишича, Озарбайжон ҳарбийлари Aрманистоннинг чегарадош ҳудудларини артиллерия ва дронлардан ўққа тутган. Бу ҳудудларнинг Қорабоғга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Боку арман ҳарбийлари Озарбайжон қўшинларининг чегарадаги позицияларини ўққа тутгани, тўқнашув бўлганини маълум қилган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Aрманистонни тинчлик жараёнини бузиш ниятида айблади. Ҳар икки томон ўз ҳарбийлари орасида қурбонлар борлигини маълум қилди. Эрталаб томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Федерация Кенгаши халқаро қўмитаси раҳбари Григорий Карасиннинг РИA Новостига маълум қилишича, Aрманистон ва Озарбайжон чегарасида сулҳ Россиянинг саъй-ҳаракатлари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин ва Aрманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги суҳбат ва Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ишидан кейин эришилган.