ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар Давлатлараро дастури лойиҳасини келишиб олишди.
Минск шаҳрида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар Давлатлараро дастури ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мазкур масала бўйича қарори лойиҳаларини мувофиқлаштириш бўйича эксперт гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, шунингдек, Ҳамдўстликнинг қатор ихтисослашган саноат тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, дастурнинг қабул қилиниши МДҲга аъзо давлатларнинг жиноятчиликка қарши курашда ўзаро ҳамкорлигини тизимли режалаштириш, ваколатли органларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурати билан боғлиқ.
Дастур трансчегаравий жиноятчиликнинг барча кўринишларида қарши курашиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ва амалий чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.
Ҳужжатда одам савдоси, ноқонуний миграция, коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳам ўз аксини топган.
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Бекетжан Жумахановнинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжат лойиҳалари МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши томонидан мақулланган ва тақдим этилган.
Лойиҳада мувофиқлаштирилган идоралараро, тезкор ва профилактика тадбирларини ўтказиш, қўшма ўқув машғулотларида қатнашиш амалиётини давом эттириш, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўқув машғулотлари, фаол ахборот алмашиш масалаларига устувор аҳамият берилади.
Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар кўриб чиқилиб, ҳужжатлар лойиҳалари якунига етказилди ва келишиб олинди.