Ўзбекистонда Россия санъати дурдоналари намойиш этилади

Томонлар 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган “Россия фасллари” лойиҳаси дастурини батафсил муҳокама қилди, дейилади хабарда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов Россия маданият вазири ўринбосари Надежда Преподобная билан учрашди. Учрашувда улар Ўзбекистонда 2023 йилда ўтказиладиган “Россия фасллари” лойиҳаси дастурини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
“Томонлар 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган “Россия фасллари” лойиҳаси дастурини батафсил муҳокама қилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Россия маданият вазири Ольга Любимова 2023 йилда Ўзбекистонда “Россия фасллари” фестивали ўтказилишини республикага ташрифи чоғида маълум қилган эди.
“Биласизми, бизда яна бир муҳим йўналиш бор – бу бизнинг “Россия фасллари”миз, Дягилев келаси йили 150 ёшга тўлади... Келаси йили биз ҳаммамиз биргаликда Ўзбекистонга борамиз”, деган у.
Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг мақсади “Россия санъатида мавжуд бўлган энг яхши нарсаларни олиб келиш”дир.
“Россия фасллари” фестивали хорижий томошабинларни рус маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш имконини беради. Лойиҳа Россия Маданият вазирлиги кўмагида амалга оширилади. У ижодий жамоаларнинг гастрол сафарлари, мамлакатнинг энг йирик музейлари кўргазмаларини ўз ичига олади. Уларни рус фильмлари премьералари, муз шоулари ва бошқа акциялар тўлдиради.
Бундан ташқари, Stay Home with Russian Seasons онлайн платформаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Унда рус киноси, мусиқаси, рус тили ва адабиёти ҳафталиклари, спектаклларнинг трансляцияси, виртуал кўргазмалар ва видеотурлар ташкил этилади.