ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Шифокорлар кўчасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси қурилмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Янги комплекс таркибига:
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази (Тошкент шаҳар Фаробий кўчаси 383-уй);
марказнинг пойтахт филиали (Тошкент шаҳар Боғистон кўчаси 1/71-уй);
марказнинг Тошкент вилояти филиали (Тошкент шаҳар Тахтапул дарвоза кўчаси, 341-уй) киради.
Бу ерда Тошкент шаҳри ва вилояти фуқаролари учун тиббий йўлланмасиз, бошқа ҳудудлардан келган беморлар учун йўлланма асосида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Бино 8 қаватдан иборат. Унда стационар даволаниш учун 650 ўрин бор. Кундузги стационар 100 ўринли. Поликлиникаси эса 500 қатновга мўлжалланган. Ягона комплексда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, мамлакатда илк бор суяк кўмиги трансплантацияси бўлими очилади.
Онкология тизимини, жумладан, ушбу комплексни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга 80 миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Марказда 16 та реанимацион ва операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади. Интенсив терапия бўлими юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқалар билан жиҳозланган консолли функционал ётоқларга эга бўлади.
Турли тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган 5 та онкология кафедраси бирлашиб, ягона методик марказга айланади. Илк бор ядро тиббиёти кафедраси ташкил этилади. Комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади. Беморлар учун дори-дармон тайёрлаш ва етказишнинг янгича тизими амалиётга татбиқ этилади.
Янги комплекс 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши кутилмоқда.