Ўзбекистонлик талабалар Москвадаги кино фестивалида совриндор бўлишди

Москвада бўлиб ўтган 42 Халқаро БДКИ талабалар фестивалида ўзбекистонлик ёшлар махсус дипломга эга бўлишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Ўзбекистонлик талабалар Москвадаги кино фестивалида иккита совринни қўлга киритишди. Бу ҳақида Кинематография агентлиги хабар берди.
Москвадаги Бутунроссия давлат кинематография институти (БДКИ)да 42-халқаро талабалар фестивали бўлиб ўтди. Танлов дастурида БДКИ Тошкент филиали талабалари ўз фильмлари билан иштирок этишди.
Фестиваль жами дунёнинг 47та кино университети ва 40 дан ортиқ давлат вакилларини қамраб олди. Танлов дастурида иштирок этиш учун 600дан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, улардан 60 таси саралаб олинди.
БДКИда 42-халқаро талабалар фестивали бўлиб ўтди
БДКИ Тошкент филиалининг икки нафар талабаси қуйидаги совринларни қўлга киритди:
“Режиссёрлик” йўналиши 1 босқич талабаси Шерзод Назаров “Ипак йўлида” фильми учун “Таъсирчан кино ҳикояси учун” профессионал ҳакамлар ҳайъатининг махсус дипломи;
“Драматургия” йўналиши 2 босқич талабаси Тимур Муродов “Кассета” фильми учун “Инсон қадриятларини асраб-авайлагани учун” профессионал ҳакамлар ҳайъатининг махсус дипломи.
Айтилишича, бу йил ҳакамлар ҳайъати раиси этиб Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига дунёнинг 6 давлатидан кино саноати вакиллари жалб қилинди.
“Ўзбек талабалари ҳақида гап кетганда, объектив натижалар олиш мақсадида, овоз беришда қатнашишдан бош тортдим, ҳакамлар ҳайъати БДКИ Тошкент филиали талабалари Тимур Муродов ва Шерзод Назаровни ғолиб деб танлаганидан жуда хурсанд бўлдим. Ишончим комилки, бу Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида БДКИ филиалини очиш ҳақидаги ташаббусининг ёрқин натижасидир. Ишонаманки, ушбу ёш авлод тез орада Ўзбекистон кинематографлари сафига қўшилади”, дейди Фирдавс Абдухолиқов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фестиваль доирасида “БДКИ Тошкент филиали фильмлари намойиши” махсус кечаси бўлиб ўтганди. Унда ўзбекистонлик талабалар Тимур Муродовнинг “Кассета”, Феруз Баҳодировнинг “Уй”, Нурилло Нарзуллаевнинг “Яхши ният Моҳагул” ва Ғайрат Мўминовнинг “Битирувчилар” қисқа метражли фильмлари намойиш этилган.