ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Ҳафта ўртасида Ўзбекистон ҳудудига илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Эртага, 22 ноябрдан бошлаб ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати сешанба куни +15...+17 даража илиққача, сўнг эса +18...+20 даража илиққача, баъзи жойларда +23 даража илиққача кўтарилади.
Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида сешанбага ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғларда ёғингарчилик бўлади.
21-22 ноябрда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.
Бугун ва эртага республиканинг айрим жойларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.