ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россиянинг “Wildberries” маркетплейси (интернет дўкон) орқали мева-сабзавот маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирли матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкентда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев ва “Wildberries” бош директори Татяна Бакальчук икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилган.
“Шуҳрат Мирзаев “Wildberries” МЧЖ маркетплейси орқали мева-сабзавот маҳсулотларини жамланма экспорт қилишни ташкил этишни таклиф қилди”, - дейилган хабарда.
Учрашувда Тошкент шаҳрида саралаш ва логистика марказларини қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Тошкент, Самарқанд ва Андижонда учта агрологистика марказини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ва у “Wildberries” МЧЖга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари логистикасини ташкил этиш нуқтаи назаридан ушбу лойиҳани кўриб чиқишни таклиф қилди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон агросавдо порталини интеграциялаш, яъни майдонларни ўзаро интеграция қилиш имкониятларини кўриб чиқиш учун зарур маълумотларни тақдим этиш масаласини муҳокама қилишди.
Аввалроқ “Wildberries” Ўзбекистонда йирик савдо-логистика мажмуаси қуриши хабар қилинган эди.
“Wildberries” - Россиянинг универсал форматдаги энг йирик онлайн гипермаркети. Бозорда кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар ва уй-рўзғор буюмлари ва ҳатто озиқ-овқат маҳсулотлари, косметика ва бошқа товарлар сотилади. “Wildberries” товарларни сотиш хизмати Ўзбекистонда 2022 йил февраль ойида ишлай бошлаган.