ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Беларусь Давлат чегара қўмитаси Украина томонидан қуролли шахс чегарани ноқонуний кесиб ўтганини қайд этди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
“Украина ҳарбийлари Беларусь билан чегарада провокация қилишда давом этмоқда. Воқеа кеча, 19 ноябрь куни соат 16:00 атрофида (Москва вақти билан) содир бўлган. “Словечно” темир йўл назорат-ўтказиш пунктидаги видеокамера қуролланган шахснинг Украина ҳудудидаги чегара йўналиши бўйича ҳаракатланишини ёзиб олган. У темир йўл кўприги марказидан ўтиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Беларусь ҳудудига кирган”, дейилади хабарда.
Хабарга кўра, украиналик ҳарбий хизматчи Беларусь ҳудудида бўлганида фото ва видеога олиш ишларини олиб борган, шунингдек, қор остида бирор нарсани қидирган ёки ўрнатган. Мазкур факт юзасидан текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Беларусь чегара қўмитасининг хулосасига кўра, Украина ҳудудий мудофаа кучлари ва чегара яқинида жойлашган бошқа ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг паст интизоми чегарада қуролли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган провокацион вазиятларни юзага келтиради.