Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қумой (оқбош) аҳоли хонадонларининг бирида сақланаётгани акс этган видеомурожаатлар юзасидан Сурхондарё вилояти Экология ва Миллий гвардиялари бошқармаси ходимлари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди.
Давлат экология қўмитаси хабарига кўра, қумой Сариосиё туманининг “Афросиёб” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Онинг уйида сақланаётгани аниқланди.
М.Онинг маълум қилишича, О.Р исмли дўсти қушни Сангардак тоғларидан касал ҳолида топиб олиб, парвариш қилиш учун олиб келиб берган.
Фуқаро М.О йиртқич қуш Ўзбекистон Қизил китобига киритилганини, ёввойи ҳайвонларни уйда сақлаш мумкин эмаслигини билмаслигини билдириб, қумойни ўз ихтиёри билан давлат инспекторларига топширди.
Қумойнинг соғлиғини текшириш ва унга керакли бўлган парваришларни қилиш учун вақтинчалик Термиз ҳайвонот боғининг ветеринар ходимларига топширилди.