ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Украина Қуролли Кучлари ҳарбийлари Луганск халқ республикасининг баъзи ҳудудларида ўзининг ҳужум қобилиятини йўқотиб, ҳимояга ўтмоқда. Бу ҳақда Республика халқ милицияси зобити Андрей Марочко Биринчи канал эфирида айтиб ўтди, деб хабар берди РИА Новости.
“Ижобий тенденция мавжуд – баъзи ҳудудларда душман кучини йўқотаётгани аён бўляпти: у фаол ҳужум операцияларидан мобил ва кўр-кўрона мудофаага ўтмоқда. Бу захираларнинг бир қисми тугаганидан, жисмоний чарчоқ борлигидан далолат беради”, - дейди у.
Шу билан бирга, офицер Украина қўшинлари қарийб бир ойдан бери республика шимолига бостириб киришга уринаётганини эслатди. Ҳозир ҳам ҳужумлар тўхтамаяпти. Нисбатан фаол жанглар Сватово аҳоли пункти атрофида давом этмоқда.
“Душман <...> ҳар куни мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уриняпти”, - дея аниқлик киритди ҳарбий.
Бундан ташқари, офицер Украина Қуролли Кучлари Ғарб қуролларига ўқ-дорилар етишмовчилигига дуч келганини қўшимча қилди.
“HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимида борган сари янги ракеталар қўлланилмоқда. Брянкага учирилган ракеталарда 2020 йил санаси кўрсатилган. Таъкидлашни истардимки, биз аввалроқ 2015-2016 йилларни қайд этган эдик. Энди эса 2020 йил. Бу захиралар аллақачон тугаб бораётганидан, кўпроқ янги ўқ-дорилар ишлатилаётганидан далолат беради”, - дейди Марочко.
15 ноябрь куни офицер Украина қўшинлари Сватово, Кременная, Лисичанск ва Попасна йўналишида ўз гуруҳларини зирҳли танк гуруҳлари билан мустаҳкамлагани ҳақида хабар берганди. Марочко разведка маълумотлари ва душман хатти-ҳаракатлари характерига кўра, Украина Қуролли Кучлари асосий кучларини шу ҳудудга қаратаётганини қайд этганди.
Россия 24 февралдан бери Украинада ҳарбий операция ўтказмоқда. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлардан асосий мақсад Донбассни озод қилишдир. Сентябрь ойида ДХР ва ЛХР ушбу ҳудудларда ўтказилган референдум натижаларига кўра Россияга қабул қилинди.