ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Тошкент ҳайвонот боғига иккита қора қоплон - 4 ёшли нар Тайфун ва унинг тенгдоши урғочи Багира олиб келинди. Улар аллақачон ўз қўрғонларига ўрнашиб олишди, дея хабар бермоқда Тошкент ҳайвонот боғи.
“Биз бу жониворларнинг ҳайвонот боғимизга ташрифини интиқлик билан кутган эдик ва энди бу содир бўлди. Ниҳоят, ушбу сирли, кучли, хавфли ва жуда чиройли пантералар бизнинг жониворлармиз сафига қўшилди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, айни пайтда қоплонлар ҳар хил волерларга жойлаштирилган. Волерлар тўсинлар ва ёғоч тахталар билан жиҳозланган, у ерга тупроқ сифатида қум ёйилган. Ички хонаси сомон билан иссиқ қилинган, жониворларнинг ўйинлари учун йирик қушларнинг патлари тўлдирилган тўп ва ўйинчоқлар мавжуд. Пантералар уларни жуда яхши кўришади.
“Тез орада эса улар ўзлари учун махсус мўлжалланган, кенг ва очиқ айланиш жойлари бўлган экспозиция вольерига кўчадилар. У ерда шубҳасиз, сайр қилиш учун жой бўлади”, дея қўшимча қилган матбуот хизмати.
Тайфун ва Багираларнинг озуқа таомномаси уларнинг йиртқич табиатига тўлиқ мос келади - мол гўшти, ҳафтада бир марта - қуёнлар, шунингдек, сут ва тухум.
Қайд этилишича, боғга ташриф буюрувчилар ушбу жониворларнинг териси расмларда ёки телевизорда кўрингани каби мукаммал қора эмаслигига гувоҳ бўлишади.
Диққат билан қарасалса, унда доғларни пайқаш мумкин. Бундан ташқари, наслда улар қора ва доғли қолонлар бўлиши мумкин.
Хулқ-атвор нуқтаи назаридан, қора қоплонлар, кичикроқ бўлишига қарамай, йўлбарслар ва шерларга қараганда хавфлироқдир, чунки улар фаол ва ҳаракатчан.