ТОШКЕНТ, 18 ноя - Sputnik. Энди ҳар икки йилда гематология, онкогематология йўналишларида ташхислаш ва даволаш стандартлари қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 15 ноябрь куни қабул қилинган “Онкогематологик, онкологик, бирламчи иммунодефицит ва даволаш қийин бўлган ҳамда қон тизими касалликларини даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда:
онкология ва клиник иммунологияси марказларида даволанаётган ҳар бир беморнинг касаллик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, уларни даволаш режаси бўйича ҳар бир марказ учун алоҳида “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш;
туман (шаҳар)лар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар марказларида оммавий скрининг усулида онкогематологик, онкологик ва бирламчи иммунодефицит ҳамда қон тизими касалликларини эрта аниқлаш бўйича мақсадли текширувлар ўтказиш тартиби, мезонлари ва беморларни соҳа мутахассисларига йўналтириш тартибини тасдиқлаш топширилди.
Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида ҳар икки йилда гематология, онкогематология йўналишларида ташхислаш ва даволаш стандартлари қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассислар республикага жалб қилинади.
Лейкоз, миелома, лимфома, апластик ва туғма гемолитик анемия касалликларига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини ўтказиш учун мўлжалланган асептик шароитга эга қўшимча иккита беш қаватли биноларни марказлар ҳудудида қуриш ҳам назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 27 май куни Ўзбекистон Президентининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши назарда тутилган.