“Чирчиқ” технопаркидан илк маҳсулотлар экспортга жўнатилди

Технопарк резидентларидан бири Қозоғистонга пластик деразалар ва алюминий тизимлар учун 3,7 тонна пломба экспорт қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. “Чирчиқ” технопаркидан илк бор маҳсулот экспортга жўнатилди. Бу ҳақида Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси хабар берди.
Куни кеча технопарк резидентларидан бири – термопластик эластомерлар ва улардан маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи "VR-Plast TPE" МЧЖ (Татаристон) Қозоғистонга пластик деразалар ва алюминий тизимлар учун 3,7 тонна пломба экспорт қилди.

“Бу Чирчиқдан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг биринчи партиясидир. 2022 йил охиригача корхона ишлаб чиқариш ҳажмини 500 тоннага етказиш, шундан 100 тоннасини экспорт қилишни режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, экспорт ҳажмини 200 минг долларга етказиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида "Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки очилган эди. Мазкур технопаркнинг умумий майдони 31,2 гектар бўлиб, бу ерда дастлабки босқичда 2 минг 200 та иш ўринлари яратилади.