ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Бухорода илк бор очиқ юракда мураккаб кардиохирургик операциялар ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида илк бор очиқ юракда мураккаб кардиохирургик операциялар бажариш йўлга қўйилди.
“Куни кеча муассасада тажрибали юрак-қон томир жарроҳи Мустафо Обейд бошчилигидаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар иштирокида очиқ юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал ва аортал клапанларни алмаштириш операциялари амалга оширилди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, филиалда кадрлар салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илғор даволаш-диагностика усуллари, кам инвазив муолажа турларини амалиётга жорий қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Филиал мутахассислари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги маркази, Ҳиндистоннинг “Jaypee” клиникаси, Туркиянинг Башкент университети госпиталиа, Озарбайжоннинг “Almaz akademy” ўқув марказида малака ошириб келмоқда.
Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кардиохирургия ва ангиография хизматини Бухоро вилоятида кенг татбиқ этиш учун замон талабларига мос “Ангиохирургия” биноси қад кўтармоқда.
Таҳлилларга кўра, жаҳонда юз бераётган ўлим ҳолатларининг қарийб 60 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқмоқда.