Ташқи ишлар вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов иштирокида Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Ташқи ишлар вазирига янги ўринбосарлар тайинланди.
Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов иштирокида Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Сардор Умурзоқов президентининг ПҚ-420-сон қарори билан Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Фурқат Сидиқовни таништирди. Сидиқов бунгача Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Йиғилишда президентининг ПҚ-421-сон қарориига мувофиқ Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланган Баҳром Аълоев ҳам таништирилди. Аълоев бунгача Ўзбекистоннинг Кувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов
Маълумот учун, Фурқат Сидиқов 1971 йил Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. У 1993−1995 йилларда UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис бўлиб ишлаган. Шунингдек, Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе, ушбу элчихонанинг биринчи котиби, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимларида ўз фаолиятини олиб борган.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Алоев
Баҳромжон Алоев Ўзбекистоннинг Қувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган. У 2008−2012 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида, шунингдек Ташқи ишлар вазирлигида ўз фаолиятини олиб борган.