ХВЖ раҳбари дунё иқтисодини "барбод қилиши" мумкин бўлган икки давлатни айтди

ХВЖ маълумотларига кўра, қарама-қарши лагерларга бўлинган жаҳон иқтисодиёти йиллик ҳисобда 1,5 фоизга ёки 1,4 триллион доллардан кўпроқ қисқаради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият дунёни қарама-қарши блокларга бўлиб ташламоқда, бу эса янги совуқ урушга олиб келиши мумкин, деб ёзади “The Washington Post” Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиевага таяниб.
Унинг сўзларига кўра, ушбу мамлакатлар ўртасидаги янги савдо тўсиқлари ўрта синф ва камбағал уй хўжаликларига зарар етказадиган ҳалокатли циклни бошлаши мумкин.
“Мен глобал иқтисодиётнинг парчаланиши чуқурлашиб бораётганидан хавотирдаман, бу бизни қашшоқроқ ва хавфсиз бўлмаган дунёга олиб келиши мумкин. Мен биринчи совуқ урушни бошдан кечирдим. Иккинчисини бошлаш масъулиятсиз ғоя”, - дея таъкидлади Георгиева.
У АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг Хитойдан келадиган товарларга божлар жорий этиш қарорини мисол қилиб келтирди.
“Бу чора-тадбирлар америкалик истеъмолчиларни Хитой товарлари учун қимматроқ нарх тўлашга мажбур қилди”, - дейди ХВЖ бошқарувчи директори
ХВЖ маълумотларига таянган нашрга кўра, қарама-қарши лагерларга бўлинган жаҳон иқтисодиёти йиллик ҳисобда 1,5 фоизга ёки 1,4 триллион доллардан кўпроқ қисқаради.
“Ҳар бир ҳаракатни диққат билан кўриб чиқиш муҳим. Жаҳон савдо алоқаларининг бузилиши ва мамлакатларнинг протекционизм сиёсатига ўтиши ишчилар синфига зарар етказади ва нархларнинг кескин ошишига олиб келади”, - дея хулоса қилди эксперт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Пномпендаги Шарқий Осиё саммитида (ШОС) чиқиши чоғида АҚШ Хитой билан рақобатлашишини, бироқ рақобат зиддиятга айланмаслигини назоратга олишини айтганди.