ТОШКЕНТ, 12 ноя - Sputnik. Зеленский Херсонда "барқарорлаштириш тадбирлари" ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақида журналист Марина Аҳмедовага асосланиб Russia Today нашри хабар қилмоқда.
Ахмедова Киев режими томонидан бу ерда ҳам Бучада бўлгани каби янги провокация уюштирилиши мумкинлигидан ёки аҳоли орасида "тозалаш" ва "жазолаш" операциялари ўтказилишидан хавотирда.
Журналистни айниқса Киев режими томонидан эълон қилинган "барқарорлаштириш тадбирлари" (стабилизационные меры) атамаси хавотирга солмоқда. Чунки бу атама "жазолаш операцияси" (карательная операция)дек қўрқинчли эшитилмайди, лекин аслида улар Россия аскарлари яқинда тарк этган ҳудудларда нима иш билан шуғулланмоқчи эканини ҳеч ким билмайди. Тадбир давомида Херсонга журналистлар киритилмайди.
Гап шундаки, Украина миллатчи гуруҳлари олдин ўзлари қўл остида бўлган ерларда аҳоли орасида кўп маротаба "тозалаш операциялари" ўтказган. Россияга хайрихоҳликда заррача гумон қилинган фуқаролар қамоққа олинган, сўроқ қилинган ва ҳатто оммавий қатллар ҳам бўлган.
Россия ТИВ махсус вакили Мария Захарова Россия ихтиёрида ушбу ҳолатлар ҳақидаги фото ва видео фактлар борлигини ва уларни АҚШ Давлат Департаментига юборганини бир неча бор айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Қуролли кучлари 11 ноябрь куни Херсондан 30 минг ҳарбий ва 5 мингдан ортиқ техникани Днепрнинг чап қирғоғига кўчириб ўтказишни якунлади. Херсондан қўшинларни олиб чиқиб кетишдан олдин Россия ҳарбийлари хавфли ҳудудни тарк этишни истаган барча тинч аҳолини эвакуация қилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра 115 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари Днепрнинг ўнг қирғоғидан олиб кетилган.