Янги қурилаётган уйларнинг қонунийлигини онлайн текшириш имконияти яратилди

Эндиликда уй сотиб олаётган фуқаро хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган уйнинг Қурилиш вазирлиги электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириши керак - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Эндиликда уй сотиб олмоқчи бўлган фуқаро қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини онлайн текшириши мумкин бўлади. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элёр Комилов маълум қилди.
Қайд этилишича, уй сотиб олаётган фуқаро хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган уйнинг Қурилиш вазирлиги электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириши керак.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қурилиши кескин кўпайди. Афсуски, ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва янги кўп квартирали уй қураман деб бир қатор камчиликларга йўл қўяётганлар ҳам тез-тез учрамоқда”, дейди Элёр Комилов.
Шундан келиб чиқиб, платформага ҳамма учун очиқ бўлган мажмуа, қурувчи ташкилот номи ва манзили каби маълумотлар жойлаштирилади.
Қурилиш давомида фуқаролар маблағларини жалб қилаётган қурилиш ташкилотлари махсус электрон платформадан рўйхатдан ўтиши шарт.
Электрон рўйхатга киритиш учун қурувчилардан қуйидаги ҳужжатлар таълаб этилади:
Ажратилган ер участкаси ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар;
Кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати;
Лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси;
Техник, муаллифлик назорати ва давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар;
Улушдорлар томонидан киритилган маблағларни жалб қилиш учун тижорат банкида алоҳида ҳисоб варақ очилганлиги.
Қурилиш ишлари тугалланган уйлар эгаларига топширилгандан кейин камида 2 йил давомида қурилиш объекти эксплуатациясининг кафолат муддатини амалга ошириб боради.