Барча шифохоналарда қўшимча дизел генераторлари ўрнатилган – Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда элон қилинган “Водийдаги шифохоналарда ҳам свет ўчиб қолмоқда” мазмунида хабарга муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча шифохоналарда қўшимча дизел генераторлари ўрнатилган. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, ижтимоий тармоқларда “Водийдаги шифохоналарда ҳам свет ўчиб қолмоқда” мазмунида хабар эълон қилинди.
9 ноябрь куни соат 19:47дан 20:00га қадар Наманган вилоят Юқумли касалликлар ва соат 20:25дан 20:45га қадар Чуст туман марказий шифохоналарини электр энергияси билан таъминловчи тармоқларда носозлик юзага келиб узилиш кузатилган.
Шу вақт оралиғида, қисқа фурсатда шифохоналарнинг захира дизел генераторлари ишга туширилиб, муассасаларда электр таъминоти қайта тикланган.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча шифохоналар қўшимча дизел генераторлари билан таъминланган бўлиб, тиббиёт муассасаларига электр таъминоти барқарор етказиб берилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилаётганини маълум қилганди.
Қайд этилишича, энергетика тизимининг барқарор ишларишини таъминлаш ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган катта авариялар ҳамда узилишларни олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда.