Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд декларацияси қабул қилинади

самарқанддаги саммитда ташкилот доирасидаги ҳамкорликка қаратилган муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилинади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутиляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.
Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда ушбу кўп томонлама тузилманинг котибияти раҳбарлари қатнашиши режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. Бу БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Якунда Самарқанд декларацияси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бошқа муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти: Мирзиёев қандай ташаббусларни илгари сурган?