ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Италия Украинага етказиб бериш учун янги қурол-яроғ тайёрламаяпти. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Гуидо Крозетто маълум қилди.
“Биз олтинчи пакетни тайёрламаяпмиз ва Украинага ракеталар етказиб бериш ҳақида гапирмаяпмиз. Келажакда НAТО ва Европа Иттифоқи доирасида Украинага кейинги ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича янги буйруқ бўлишини истисно қилмайман, аммо ҳозирча биз аввалги ҳукумат ваъда қилган қурол-яроғларни етказиб беришни якунлаяпмиз”, - деди у.
Крозетто ҳарбий ёрдам парламентдаги кўпчилик томонидан маъқулланган резолюция доирасида амалга оширилаётганини эслатди.
“Бизда 31 декабргача ҳарбий таъминот бўйича қарор қабул қилиш имконини берувчи асос бор”, деди мудофаа вазири.
Бироқ у расмийлар ёндашувни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини истисно этмади. Крозетто музокараларни можарони ҳал қилишнинг ягона тўғри ечими деб атади.
“Мен можаро бошиданоқ томонлар ўртасида мулоқот зарурлиги ҳақида гапирдим. Урушни тўхтатиш, музокаралар столига ўтириш ва тинчликка эришиш керак”, - дея хулоса қилди вазир.
Италия ноябрь ойи ўрталарида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича янги фармон қабул қилиши мумкин, деб ёзади “la Repubblica” газетаси. “Il Messaggero” эса ҳукумат манбаларига таяниб, Рим олтинчи ёрдам пакетини музлатиб қўйганини айтди.
Россия Киев режимига қурол етказиб беришда иштирок этган барча давлатларга дипломатик нота юборган.
Россия 24 февралдан буён денацификация ва демилитаризация мақсадида Украинада махсус ҳарбий операция олиб бормоқда. Владимир Путин унинг асосий вазифаси сифатида “Киев режими томонидан саккиз йил давомида хўрлашлар, геноцидларга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли Кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.