Санкт-Петербург губернаторининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда

Александр Беглов бошчилигида катта делегация Тошкент ва Самарқандда учрашувлар ўтказади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Россиянинг Санкт Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигида катта делегация 7-9 ноябрь кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Sputnik мухбири маълумотларига кўра, Беглов ташриф доирасида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашади. Саноат кооперациясида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган Санкт-Петербургнинг йирик компаниялари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган.
Санкт Петербург губернатори ташриф доирасида Иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград қамалидан азият чекканларни қабул қилган ўзбекларга миннатдорчилик белгиси сифатида Ленинград ёдгорлиги қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда. Қолаварса, россиялик меҳмонлар Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси билан танишишади.
Бундан ташқари, Санкт Петербург шаҳри губернатори Самарқандда бўлади ва вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашади. А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят универсал илмий кутубхонасига бориш ҳам кўзда тутилган.