ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Россия очарчиликка учраган Aфрика мамлакатларига текин ғалла ва ўғит жўнатишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, у бу борада Россия етакчиси Владимир Путин билан келишиб олган.
“Путин менга: “Келинг, бу ғаллани бу мамлакатларга текинга (муҳтож мамлакатларга. — таҳр.) жўнатайлик”, деди. Биз келишдик”, деди Туркия президенти.
Шу билан бирга, у Ғарбни ўзи Aфрикадаги очарчилик муаммоларига эътибор бермасдан, бошқаларга инсонийлик сабоқларини беришга уринаётганликда айблади.
“Биз Европани боғ, қолган дунёни эса ёввойи ўт деб белгилайдиган менталитетни кўрмоқдамиз. Одамларни тили, тери ранги ва мамлакатига кўра ажратувчи бу бузуқ қараш дунёмизни қандай ҳалокатга олиб келганини жуда яхши биламиз”, дейди Эрдоған.
22 июль куни Истанбулда Россия маҳсулотларини экспортга етказиб беришдаги чекловларни бекор қилиш ва Украина донини экспорт қилишда Россиянинг ёрдами бўйича кўп томонлама битимлар имзоланди. Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган келишув Украина ғалласи, озиқ-овқат ва ўғитларини Қора денгиз орқали учта портдан, жумладан Одессадан экспорт қилишни назарда тутади.
Ўтган ҳафта охирида Киев режими Севастополда рус кемаларига теракт уюштирганидан сўнг, Россия дон битимидаги иштирокини тўхтатди, бироқ Туркия билан музокаралар олиб боргач ва Украинадан ёзма кафолатлар олгач, келишувга қайтди.
Шу билан бирга, Путин агар Киев ўз мажбуриятларини бузса, Россия шартномадан чиқишини таъкидлади. Aммо бу ҳолатда ҳам у Aфриканинг энг қашшоқ мамлакатларига Украинадан жўнатилган доннинг бутун ҳажмини етказиб беришга тайёр.