Қозоғистондаги конда газ отилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Республиканинг Қорағанда вилоятидаги Ленин конида тўсатдан газ отилиши кузатилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Қозоғистоннинг Қорағанда вилоятидаги Ленин конида газ отилиши кузатилди. Оқибатда ҳозиргача беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА Новостига Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий вакили Руслан Иманқулов маълум қилди.
“Мавжуд маълумотларга кўра, 3 ноябрь куни тахминан соат 03:00 да (Тошкент вақти билан соат 02:00) Шахтинск шаҳридаги “Арселор Миттал Темиртау” АЖга қарашли Ленин номидаги конда газ дренаж қудуқларини бурғулаш чоғида тўсатдан газ чиқиши юз берган”, - дейилади Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.
Қурбонлардан ташқари, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган. Жами 100 дан ортиқ ишчи кондан эвакуация қилинган.
Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазири Юлий Ильин етиб борган. У фожиани ўрганиш бўйича комиссияга бошчилик қилади.
Фавқулодда вазият факти бўйича Қозоғистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш” билан жиноят иши қўзғатилган.