ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Бейбут Атамкулов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
"Давлат раҳбари фармони билан Атамкулов Бейбут Бакирович Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланди", - дейилган хабарда.
Бунга қадар Атамкулов Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.
Бейбут Атамкулов 1964 йил 19 май куни Олмаота вилоятида туғилган. В.Ленин номидаги Қозоғистон политехника институти, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университетини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди.
2006 йилдан буён Қозоғистон ТИВ тизимида ишлаб келади. 2010-2012 йилларда Қозоғистоннинг Малайзиядаги элчиси бўлган. Шунингдек, у Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими, Қозоғистон саноат мудофааси ваа аэрокосмик вазирлиги раҳбари бўлган.
2018-2019 йилларда Қозоғистон ТИВ вазири лавозимини эгаллаган. 2019 йилдан буён Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири сифатида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дархан Сатибалди август охирида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига раҳбар этиб тайинланганди.