ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Бухородаги “Ишга марҳамат” мономаркази Нижний Новгород Давлат Университети билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Бу ҳақида Университет ўқув ишлари бўйича проректори Анна Торохова маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Нижний Новгород Давлат Университети ўқув ишлари бўйича проректори Анна Торохова Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди.
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази
© ЎзА
“Мономарказ фаолияти менга жуда ёқди. Айниқса, ҳар бир хонанинг мукаммал тарзда жиҳозлангани, тажрибали мутахассислар томонидан дарсларнинг олиб борилиши, ҳар бир тингловчига алоҳида эътибор берилиши, дарсларнинг энг сўнгги технологиялар асосида олиб борилиши диққатимизни тортди. Бизда 17 та жаҳон тилини тезкорлик билан ўргатиш бўйича 600 дан ортиқ дастурлар мавжуд. Муҳокамаларда бу бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни тавсия қилдим”, дейди Анна Торохова.
“Ишга марҳамат” мономаркази директори Алихан Умаровнинг сўзларига кўра, Анна Торохованинг таклифи марказ учун ҳам фойдали.
“Шу ўринда ушбу қисқа муддатда жаҳон тилини ўргатиш дастури бўйича педагогларни қайта тайёрлаш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни амалга оширамиз”, дейди у.
Айтилишича, жорий йилда ушбу марказ битирувчилари, касбга эга бўлган аҳоли, нодавлат таълим муассасалари битирувчилари учун касбий малакани баҳолаш маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази бир вақтнинг ўзида 560 ўринли қувватга эга. Мономарказда 8 та хизмат тури бўйича жами 24 турдаги касбга ўқитилмоқда. 4 та хорижий (рус, инглиз, корейс, япон) тилларни ўргатиш ҳамда тадбиркорлик асослари, миграция кўниктириш маркази фаолияти йўлга қўйилган.