ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Эндиликда қонунга ўзгартириш киритилаётганда бунинг зарурияти, сабаб ва мақсадларини тушунтирувчи муқаддима келтирилиши керак. Бу ҳақида президент томонидан имзоланган ЎРҚ–796 сонли қонунда назарда тутилган.
Ҳужжат билан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, қонун лойиҳасини депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида муҳокама унинг номи, муқаддимаси (агар мавжуд бўлса), ҳар бир моддаси бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти ҳам ўзгарди.
Унга кўра, қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасининг номида асосий ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти кўрсатилиши керак.
Ҳужжат лойиҳа, қоида тариқасида, уни қабул қилиш зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берадиган муқаддимага эга бўлади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.