Ўзбекистонлик тадбиркорлар Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этиши мумкин

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация Қозоғистон ҳукумат аъзолари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тартиби соддалаштирилади. Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегациянинг Қозоғистон ҳукумат аъзолари билан учрашуви чоғида маълум қилинди.
Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Халқаро саноат кооперацияси марказини (ХСКМ) ташкил этиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини, жумладан, Қозоғистонга юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича “Йўл харитаси” билан тасдиқланган умумий қиймати 3,3 миллиард долларлик 34 та лойиҳа ва 37 та янги 2,5 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва келгусида ҳаётга жорий қилиш, шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини марказ ҳудудида жойлаштириш юзасидан ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар қуйидаги ҳамкорликка келишиб олишди:
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этиши;
Икки мамлакат экспортёрлари томонидан гўшт ва гўшт маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни соддалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш.
Учрашувлар бу йилги Ҳудудлар форуми ҳамда Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказишнинг барча ташкилий масалалари ҳам кўриб чиқилди.