ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Олий таълим муассасаларининг айрим талабалари Давлат тест марказида стажировка ўташи ва кейинчалик у ерда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
Давлат тест маркази томонидан давлат хизматига энг муносиб кадрларни танлаш ва истиқболли кадрларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш мақсадида “Ёш мутахассисларни танлаш” дастури ишлаб чиқилди.
“Мазкур дастур олий таълим муассасаларининг битирувчи курси (бакалавриат, магистратура) да ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш ва кейинчалик захирага киритиш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутади”, дейилади хабарда.
Стажировкада ахборот-коммуникация технологиялари бўйича таҳсил олаётган битирувчилар иштирок этиши мумкин.
Бунинг учун улар махсус телеграм ботга (@stajyor_bot) ўзлари тўғрисида маълумотнома (обективка) юборишлари керак.
Ҳужжатлар 1 ноябрдан 10 ноябрга қадар қабул қилинади.