Ўзбекистон Россия билан автомобиль йўллари қуришда ҳамкорлик қилади

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳманов "ПО "Возрождение" АЖ (Россия) бош директори Михаил Клобертанс бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон Россия корхоналари билан автомобиль йўлларини қуришда ҳамкорлик қилади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳманов "ПО "Возрождение" АЖ (Россия) бош директори Михаил Клобертанс бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қулайликлар даражасини оширишга қаратилган ривожланиш режалари ҳақида сўз борди. Хусусан, автомобиль йўллари, чорраҳалар, кўприклар ва муҳандислик иншоотларини молиялаштириш, лойиҳалаш ва қуриш соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Шароф Раҳманов ўзаро шерикчиликка оид барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиб, ўзаро таклиф ва имкониятларни ўрганиш ҳамда ҳамкорликка оид мулоқотларни давом эттиришга келишиб олишди.
Маълумот учун, "ПО "Возрождение" АЖ Россия Федерациясининг шимоли-ғарбий қисмидаги ўнлаб йирик корхоналарни бирлаштиради. Ҳозирда энг янги технологиялар ва жами 3500 кишидан иборат юқори малакали мутахассислар жамоасидан иборат корхоналар халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган даражада фаолият юритмоқда.
Компания фаолияти географияси Санкт-Петербург, Выборг, Москва, Астрахань, Самара, Великий Новгород, Волгоград, Калининград, Пенза, Краснодар, Красноярск, Ашхобод ва Туркманбоши (Туркманистон) ва бошқа шаҳарларни қамраб олади.