ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Коллеж ва техникумларда тўлов-контракт миқдорлари оширилмайди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, коллеж ва техникумларда 2022/2023 ўқув йили учун барча босқичдаги ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорлари 2021/2022-ўқув йили учун белгиланган миқдорларда сақлаб қолинади.
“Тўлов-контракт миқдорлари профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларга қулай шароитлар яратиш, мамлакатимиз ёшларини касб-ҳунар эгаллашлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг ота-оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда аҳоли тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда, истисно тариқасида оширилмайди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йил коллеж ва техникумларга кундузги таълим шакли бўйича 15 815 нафар ўқувчи давлат гранти асосида қабул қилинди.
Шунингдек, профессионал таълим муассасаларига ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўқувчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари белгиланган тартибда қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг 612-сонли қарори билан нодавлат профессионал таълим лицензиясини олиш талаблари соддалаштирилди. Унга кўра, нодавлат профессионал таълим ташкилотлари учун давлат мулки объектларини ижарага олишнинг энг кўп муддати 5 йилдан 10 йилгача узайтирилди.
Шунингдек, 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари ижара тўловидан озод этилган.