ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Бугун ва эртага ҳаво илиқ бўлади, якшанба куни эса ёмғир ёғади ҳамда ҳарорат яна пасаяди.Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Қайд этилишича, бугун Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво кам булутли ва бироз илиқ бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати 23...25 даражагача кўтарилади, бу меъёрдан бироз юқоридир.
Эртага республика ҳудудининг катта қисмига Туркманистон ҳудудларидан илиқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво бўлади, ҳарорат фони яна кўтарилади ва кечаси 7...12 даража илиқни ташкил этади, кундузи ҳаво 25....27 даражагача, жанубда 29 даражагача исийди, бу меъёрдан бироз юқоридир.
Республика шимолига эса Волга бўйи ҳудудларидан антициклон кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, бунинг ҳисобига ушбу ҳудудлар бўйича кундузи ҳаво ҳарорати 13...15 даражагача пасаяди.
Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво булутли бўлади, баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланади, баъзи жойларда кучли бўлади. Бундай об-ҳавони антициклон белгилайди ва республиканинг барча ҳудудлари унинг таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати кечаси 9...14 илиқ бўлади, кундузи 12...15 даражагача пасаяди, бу ушбу куннинг ўртача иқлимий меъёридан 8...0 га пастдир.
21-22 октябрь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 23 октябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.