Халқаро ўзбек тили ва адабиёти фани олимпиадасида россиялик ўқувчи биринчи ўринни эгаллади

Олимпиада иштирокчилари 15-17 ёш ўқувчилар бўлиб, улар Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, АҚШ ва Украина давлатларидан қатнашишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган халқаро ўзбек тили ва адабиёти фани олимпиадасида россиялик ўқувчилар биринчи ва учинчи ўриннларни эгаллашди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Халқаро ўзбек тили ва адабиёти фани олимпиадасида 43 нафар чет эллик ўқувчи онлайн форматда иштирок этди.
Олимпиада иштирокчилари 15-17 ёш ўқувчилар бўлиб, улар Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, АҚШ ва Украина давлатларидан қатнашишди.
Шунингдек, Ўзбекистонда таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда таҳсил олаётган 968 нафар ўқувчи-ёшлар ҳам иштирок этди.

“Олимпиада жараёнлари тест шаклида ўтказилиб, натижаларни баҳолашда ўқувчиларнинг якуний тўплаган бали ва тест топшириқларини ечиш учун сарфлаган вақтига устуворлик берилди”, - дейилади хабарда.

Олимпиада натижалари хорижий фуқаролар ва мамлакат фуқаролари учун алоҳида баҳоланди ва ҳар бир йўналишнинг 1-,2-,3 ўринлари бўйича 6 нафардан, жами 12 нафар ғолиб аниқланди.
Ғолиб чет эл фуқаролари:
1-ўрин: Арслан Муминов (Россия);
2-ўрин: Маржан Матёқубова (Қозоғистон ), Муҳаммад Абдурахимов (АҚШ);
3-ўрин: Элалуддин Аҳмади (Афғонистон), Табассум Ноори (Афғонистон), Зубайда Юлдашева (Россия).
Ғолиб Ўзбекистон фуқаролари:
1-ўрин: Ҳайитгул Элмуродова;
2-ўрин: Нозанин Зохирова, Баракабону Юсуфий;
3-ўрин: Шаҳзода Луқмонова, Дилбар Усмонова, Ҳумоюн Валижонов.
Халқаро ўзбек тили ва адабиёти фан олимпиадаси ғолибларига тасдиқловчи сертификатлар иштирокчиларнинг электрон манзилига юбориш орқали етказилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбир 18 октябрь куни тест синовлари шаклида ўтказилди. Олимпиаданинг мақсади хорижий давлатлар билан фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш орқали чет эллик ёшларнинг ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқишини ошириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини юксалтириш ва миллий маданиятни кенг тарғиб қилишдан иборат.