ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Марғилон шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилиши тасдиқланди. Бу ҳақида Республика ҳунармандлар уюшмаси хабар берди.
Марғилон Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгашининг "Ҳунарманд шаҳарлар" рўйхатига Ўзбекистондан қўшилган 3-шаҳар бўлди.
“Ипакчилик ҳамда абрли матолар атлас-адрас тайёрлашнинг илғор тажрибаси, ҳунармандларнинг бу соҳада эришаётган ютуқлари ва шу билан бирга ҳунармандчиликка берилаётган юксак эътибор шаҳарга бундай мақом берилишига замин яратди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони 2014 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда дунёнинг 4 қитъасидан 57 та шаҳар бундай эътирофга сазовор бўлган.
Бундай мақом 2019 йил Қўқон, 2022 йил эса Бухоро шаҳарларига ҳам берилган. Қўқон шаҳри МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб мазкур рўйхатга киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Марғилонда 20-22 октябрь кунлари “Атлас байрами” бешинчи миллий матолар фестивали бўлиб ўтади. Унда Россия, Хитой, Испания, Франция, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг усталари, рассомлари, соҳа мутахассислари иштирок этади.