ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Мирзаобод, Денов, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Урганч ва Қува туманларида мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган озиқ-овқат саноат парклари ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёев аграр соҳасига бағишган йиғилишда тегишли топшириқни берди.
Қайд этилишича, мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш борадаги кўрсаткич ҳозирча паст. Боғ ва узумзорларнинг 20 фоизида, сабзавот майдонларининг атиги 7 фоизида интенсив усул жорий қилинган.
Шу боис озиқ-овқат саноатида 2 минг 163 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти қисқариб, экспорт имконияти очилади. 37 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Давлат раҳбари мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қийматни бемалол 3-4 бараварга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Мирзаобод, Денов, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Урганч ва Қува туманларида шунга ихтисослашган озиқ-овқат саноат паркларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 760,2 млн долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Қозоғистон (517,4 минг тонна) ва Россия (380 минг тонна) ўзбек мева-сабзавотининг асосий харидорлари.