ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Бугун Андижон вилоятининг Асака ва Пахтаобод, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманларига янги ҳокимлар тайинланди.
Хусусан, Асака туманига Бекзод Хамзаевич Умматов ҳокими этиб тайинланди. Бунга қадар у Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2003 йилда Тошкент молия институти, 2016 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2004 йилда “Ўзуйжойжамғармабанк” давлат акциядорлик банки Сергели филиали жамғарма касса амалиёти ва валюта айирбошлаш шаҳобчалари бўлимининг 7-сонли жамғарма касса назоратчиси вазифасидан бошлаган.
Умматов Бекзод Хамзаевич
© Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Шунингдек, Сирожиддин Валикулович Бердикулов Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳокими этиб тайинланган. У 1979 йилда Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. Мазкур тайинловга қадар Сирожиддин Бердикулов Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Сирожиддин Валикулович Бердикулов
© Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бундан ташқари, Азизбек Рахимович Латифжонов Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган. У 1977 йилда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. Азизбек Латифжонов 1999 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1994 йилда "Ўзбекистон саноат-қурилиш банки" очиқ акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти бўлими пул алмаштириш шохобчаси кассири вазифасидан бошлаган. Тайинловга қадар у фавқулодда вазиятлар вазирининг моддий-техника ва молия-иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
Азизбек Рахимович Латифжонов
© Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати