Ўзгидромет пойтахт аҳолисини кучли ҳаво ифлосланишидан огоҳлантирди

Тошкентда соат 23:00 гача ҳавонинг чанг майда зарралари билан ифлосланиши кучайиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. 17 октябр куни 18:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар қилди.
Бунга узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг бўлмагани ва ҳаво ҳароратининг инверсияси сабаб бўлган.
Шу муносабати билан Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига қуйидаги маслаҳатлар берилган:
имкони борича, уйдан чиқмасликка ҳаракат қилиш керак.
кўчада бўлганда, албатта, тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш лозим.
нафас қайтиши, бурун битиши, акса уриш, тумов, кўзлар қизариши ва қичишиши, томоқда қаттиқ қичишиш, йўтал пайдо бўлганда зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Шунингдек, тузли эритмада бурун ва томоқни чайиш, ойналарни ёпиқ ҳолатда сақлаш, ойналарнинг олдида хўл сочиқларни ёйиб қўйиш тавсия этилади.
IQAir портали маълумотларига кўра, ҳозир Тошкент дунёда ҳаво ифлосланиш даражаси бўйича биринчи ўринда турибди.
Тошкент ҳавоси, 17 октябрь соат 16:48 ҳолатига кўра