Жапаров Путиндан Тожикистон билан чегара масаласини ҳал қилишда ёрдам сўради

Таъкидланишича, Россия Федерацияси раҳбари бу ҳақда ўйлаб кўришга, ҳужжатларни кўтаришга, томонлар имкониятларини кўриб чиқишга ва баҳо беришга ваъда берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия етакчиси Владимир Путиндан Тожикистон билан чегарани делимитация қилиш масаласини ҳал қилишда ёрдам сўради. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов маълум қилди.

“Остонада бўлиб ўтган учрашувда уч давлат раҳбарлари чегара масаласи бўйича очиқ мулоқот қилди. Жапаров Путиндан бу масалани ҳал қилишда ёрдам беришни сўради, чунки буни ўзимиз ҳал қилишимиз тобора қийинлашиб бормоқда”, - деди Иманқулов.

Иманқуловнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси раҳбари бу ҳақда ўйлаб кўришга, ҳужжатларни кўтаришга, томонлар имкониятларини кўриб чиқишга ва баҳо беришга ваъда берган.

“Россияда чегаралар масаласини ҳал қилишга ёрдам берадиган архив ҳужжатлари ва хариталар бўлиши мумкин”, - дея қўшимча қилди Хавфсизлик кенгаши котиби.

Ўтган ҳафта Остона шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг учрашуви бўлиб ўтди. Давлатларнинг биринчи шахслари Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини делимитация қилиш масаласини муҳокама қилди.
Маълумот учун, икки давлат ўртасидаги аниқланмаган ҳудудлар вақти-вақти билан тўқнашув зонасига айланади. Тожик-қирғиз чегарасида охирги марта вазият 14-16 сентябрь кунлари кескинлашган.
25 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари вазиятни тартибга солиш бўйича протокол имзолади, унда улар чегарадаги можароларни тугатиш, делимитация ва демаркация жараёнини тезлаштиришга келишиб олинди. Шунингдек, ҳужжатга кўра, томонлар можаролар тез-тез содир бўладиган жойларда тўртта чегара пунктларини ўрнатишга келишиб олди.