ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. AҚШ фуқароларининг атиги учдан бир қисми 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Жо Байден учун қайта овоз беришга тайёр. Бу ҳақда “Fox News” телеканали ўтказган сўров натижалари дарак бермоқда.
Якшанба куни эълон қилинган тадқиқотга кўра, сўралган америкаликларнинг ярмидан кўпи (54%) икки йил ичида “бошқа бировга” овоз беришни афзал кўради ва респондентларнинг атиги 33 фоизи Байденга яна овоз беришга рози. Таъкидланишича, жорий йилнинг январь ойида бу кўрсаткич 36 фоизни ташкил қилган.
Респондентларнинг 10 фоизга яқини 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик пойгаси натижаларига кўра Оқ уйда қайси сиёсатчини кўришни ҳали ҳал қилмаганини айтган.
“Бу тахминий ҳисоб-китоб, баъзи демократлар Байдендан кўра муносиброқ номзодга умид боғлашмоқда, республикачилар эса унинг қайта сайланишига қатъиян қарши”, дея шарҳлайди демократ ва социолог Крис Aндерсон.
Сўров 9-12 октябрь телефон орқали ўтказилган. Тадқиқотда жами 1206 нафар респондент иштирок этган. Натижаларнинг хатолик чегараси 2,5 фоиз пунктини ташкил қилади.