ТОШКЕНТ, 15 окт - Sputnik. Қувайтда ўтаётган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси яна 2 та олтин медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу гал жамоа ҳисобига кўпкурашчи Нодир Норбоев ҳамда баландликка сакраш баҳсида Барнохон Сайфуллаева олтин медалларни ёзиб қўйишган.
Икки кун давом этган беллашувларда Нодир Норбоев 6934 очко билан энг яхши натижани қайд этган. Иккинчи ўринни Эрон вакили Сина Афшинар (6417) эгаллаган бўлса, Саудия Арабистони вакили Сажжад Ал Алхазоли (5674) кучли учликни якунлаб берган.
“Барнохон Сайфуллаева эса Ўзбекистонда баландликка сакраш дастурида кучли мактаб шаклланганини яна бир бор кўрсатди. 1.84 метрга сакраган ҳамюртимиз энг яқин таъқибчилари қозоғистонлик Алина Чистякова ҳамда ветнамлик Ан Бу Тини 11 смга ортда қолдиришга эришди.”, - дейилади хабарда.
Аввалроқ, Қувайтда ўтказилаётган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида Шарифа Давронова олтин медални қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.