ТОШКЕНТ, 12 окт - Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги сентябрь ойида сафарбарликка жалб этилган ҳарбийлар қандай таъминланаётгани ҳақида видеолавҳа эълон қилди.
Унда қисқа муддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг махсус операция бўлаётган ҳудудларга юборилаётган ҳарбийлар тўлиқ кийим бош, шахсий ҳимоя воситалари ва тактик жиҳозлар билан таъминлангани акс этган.
"МҲО зонасига жўнаш олдидан бўлинмалар замонавий жиҳозлар, зарур тиббий ва кийим-кечак жиҳозлари, ҳимоя воситалари ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Ҳар бир ҳарбий хизматчи эгаллаб турган лавозимига мувофиқ замонавий қуроллар олади", - дейилади хабарда.
Хусусан, ҳарбий хизматчилар қуйидаги ҳимоя воситалари билан таъминланган:
зирҳли дубулға;
тана зирҳлари;
тизза ва тирсакни ҳимоя қилиш тўплами;
тактик кўзойнаклар;
юкни енгиллатиш учун махсус жилет.
Видеолавҳа Ростов вилоятида қисман сафарбарлик доирасида чақирилган фуқаролар учун кийим-кечак ва жанговар техникалар тўпламини бериш вақтида суратга олинган.
Россия Мудофаа вазирлигининг ўқув марказлари ва полигонларида ўқитилган барча ходимлар мавсумий дала формалари ва индивидуал биринчи тиббий ёрдам тўпламлари билан таъминланган.