Ўзбекистон дипломатик алоқа ўрнатган давлатлар сони 142 тага етди

Ўзбекистон Гайана Кооператив Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Гайана Кооператив Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 142-давлат бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 10 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Гайана Кооператив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзоланган.
Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Гайана Кооператив Республикасининг БМТдаги доимий вакили Каролайн Родригес Биркет имзолаган.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаган. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилган.
“Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Жанубий Америка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди”, - дейилади хабарда.