ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. 20-22 октябрь кунлари Фарғонанинг Марғилон шаҳрида Халқаро “Атлас байрами” V анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Ҳунарманд” уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фестивалда Марғилонга Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Ҳунармандлар шаҳри мақоми берилиши кутилмоқда.
Тадбирда Россия, Хитой, Испания, Франция, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг усталари, рассомлари, соҳа мутахассислари иштирок этади.
Мазкур фестиваль Фарғона вилояти ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилмоқда.
Таъкидланишича, жорий йилда фестивал дастури сезиларли равишда кенгайтирилган. Унда бутун Ўзбекистондан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил қилинади.