UzAuto акцияларни сотишни бошлайди

Экспертларнинг фикрича, акцияларни биржага оммавий жойлаштириш компания ҳамда маҳаллий капитал бозори ривожида муҳим қадам бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Марказий Осиёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors ўз акцияларини фонд биржасига жойлаштиради. Бу ҳақида Sputnik мухбири хабар берди.
Ўзбекистонда биринчи марта давлат компанияси ўз акцияларини бирламчи оммавий таклиф (IPO) йўли билан биржага жойлаштиради.
Хусусийлаштиришнинг биринчи босқичида компания Тошкент республика фонд биржасига жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши мумкин бўлган 5 фоизгача акцияларни қўяди.
"Компания акцияларини оммавий жойлаштириш компаниянинг стратегик ривожланиши учун муҳим қадамдир. UzAuto Motors зарар кўрувчи ва субсидияланган компаниядан хорижий мамлакатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган энг йирик ва энг даромадли автомобил ишлаб чиқарувчисига айланди” дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов.
Қайд этилишича, бундай компанияларнинг IPOга чиқарилиши инвесторларнинг кенг доирасига ўз акцияларини сотиб олиш имконини беради, бу эса маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришда муҳим жиҳатдир.
“Бирламчи оммавий таклифдан сўнг автомобиль ишлаб чиқарувчиси акцияларининг нархи кўтарилади, чунки у ишончли ва даромадли корхона”, дейди IPO бўйича мутахассис Эвгений Можейко.
Маълумот учун, компаниянинг ўтган йилдаги соф фойдаси 166 млн долларни ташкил этди, ишлаб чиқариш ҳажми 235 минг дона автомобилга тенг бўлди. Жорий йилда компания ишлаб чиқаришни 340 мингтага етказишни режалаштирган.