ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Maxam-Chirchiq” заводида портлаш натижасида юзага келган ёнғин ўчирилди. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида заводнинг 2 нафар ходими енгил жароҳат олган. Улар айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги шифохонада муолажа олишмоқда. Аввалроқ “Ўзкимёсаноат” матбуот хизмати Чирчиқдаги заводда юз берган ҳодиса оқибатида ишчи ходимлар зарар кўрмагани ҳақида маълум қилган эди.
Воқеа жойида бош вазир ўринбосари — энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев ва бошқа мутасаддилар бўлиб турибди.
Энергетика вазири бошчилигидаги комиссия аъзолари ҳодиса сабаблари ва оқибатларини тўлиқ ўрганмоқда.