ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Maxam-Chirchiq” заводида рўй берган портлаш оқибатида ишчи ходимлар, корхонанинг бошқа ишлаб чиқариш майдонлари ва аҳоли яшаш пунктларига зарар етмаган. Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” матбуот хизмати хабар берди.
“Шу билан бирга атроф-муҳитга зарарли газлар тарқалмаган. Бу бўйича барча хавфсизлик чоралари ўз вақтида кўрилган”, - дейилади хабарда.
Компаниянинг аниқлик киритишича, “Maxam-Chirchiq” АЖнинг Аммиак-1 ишлаб чиқариш цехи синтез бўлинмасида қисқа портлаш юз берган. Натижада цехнинг синтез колоннасида ёнғин келиб чиққан.
Воқеа жойига бош вазир ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги комиссия аъзолари зудлик билан етиб боришган ва ҳозирда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.
Ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.