ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Қизилқум давлат қўриқхонасида ноёб Ўрта Осиё қундузи тасвирга олинди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.
“Қундуз қўриқхона ходимлари томонидан ҳудудда бир неча бор учратилган бўлса ҳам тасвирга олишнинг имкони бўлмаган эди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўрта Осиё қундузи йўқ бўлиб кетаётган, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган сутэмизувчи ҳайвон тури ҳисобланади. У ўтган асрнинг ўрталаригача Сирдарё, Зарафшон, Амударё ва унинг қуйилишида кенг тарқалганди. Сўнгги ярим асрда ареали кескин қисқарган, ушбу тур фақат Ҳисор-Олой тоғи дарёсидагина қайд этилган. Ғарбий Тянь-Шанда борлиги ҳақида маълумотлар йўқ.
Ўрта Осиё қундузи асосан тошқин тоғ дарёлари, шунингдек, текислик дарёлари ва қайир кўлларида ҳаёт кечиради. Балиққа бой чучук сув ҳавзалари яшаши учун қулай муҳит ҳисобланади.
Қизилқум давлат қўриқхонаси 1971 йил 24 мартда ташкил этилган. Қўриқхона Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ва Хоразм вилоятининг Тупроққалъа тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, майдони 10311 гектарни ташкил қилади.
Қизилқум давлат қўриқхонаси ҳудуди Амударёнинг ўрта оқимида дарё бўйидаги ҳамда Жанубий-Ғарбий Қизилқум чўлининг кичик бир қисмидаги денгиз сатҳидан 150 метрдан 180 метргача баландликдаги ҳудудни ўз ичига олади.
Қизилқум давлат қўриқхонаси ҳудуди Амударёнинг ўрта оқимида дарё бўйидаги ҳамда Жанубий-Ғарбий Қизилқум чўлининг кичик бир қисмидаги денгиз сатҳидан 150 метрдан 180 метргача баландликдаги ҳудудни ўз ичига олади.