Қирғизистон таълим ва фан вазири 110 минг доллар пора билан ушланди

Қирғизистон таълим ва фан вазири хорижлик талабаларни маҳаллий олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун пора ундиргани айтилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев 110 минг доллар миқдорида пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
“Маҳаллий олий таълим муассасаларига хорижлик талабаларни ўқишга қабул қилиш чоғида катта миқдордаги (110 минг АҚШ доллари) пора олиш факти текширилмоқда”, - дейилади хабарда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, жиноят иши бўйича кейинчалик, тергов натижаларига кўра батафсил маълумот берилади.
Алмазбек Бейшеналиев 2020-2021 йилларда Таълим ва фан вазирлиги раҳбари бўлган, бироқ кейинчалик у лавозимидан озод қилиниб, мамлакатнинг Швейцариядаги элчиси, шунингдек, Қирғизистоннинг БМТдаги доимий вакили этиб тайинланган.
2022 йилнинг февраль ойида у яна вазир лавозимига қайтган. Алмазбек Бейшеналиев ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, Қирғизистонни 12 йиллик таълимга ўтказиш нияти билан танилган.