Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж ва умра квоталари оширилади

Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда муқаддас зиёратгоҳларга сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Саудиялик туристларнинг Ўзбекистонда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг мамлакатга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.